A B C D E F G G' H I J K L M N O P Q R S Sh T U V W X Y Z 0-9
Мурод Ражабовни театрдан кетишга ким мажбур қилди?
Опубликовал: DODA
6-08-2015, 02:04
Просмотров: 15904
Комментарии: 0
Мурод Ражабовни театрдан кетишга ким мажбур 1179;илди?
 

Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов саҳнада, фильмларда қандай дангал одам бўлса ҳаётда ҳам шундай. У ўзи ҳақида ҳам, бошқалар ҳақида ҳам очиқ гапиришни яхши кўради. Ёши 60 дан ўтиб кино ва театрда қанчадан-қанча роллар яратиб  бугун устоз санъаткор номига етишига қарамай ўзи ҳақидаги танқидларни тўғри қабул қилади. Ўзиникини маъқуллаб сапчимайди. Шунинг учун уни танқид қилишга ҳам ботинолмайсан киши. Мурод ака билан суҳбатимиз жуда қизғин руҳда кечди. Диктафонга тушган қайроқи гапларни эса сизга ҳам илиндик.

— Қарийб икки йил томошабиннинг кўзидан йироқ бўлдингиз. Қадри ўтгандир...

— Албатта. (ўйланиб) Томошабиндан олисда, саҳнадан йироқда бўлганим билан санъатдан четландим, деёлмайман. Бу менинг нонимга, тақдиримга айланиб бўлган.

— Одамлар орасида тарқалган турли гап-сўзларни енгиб ўтиш осон бўлмагандир?

— Ҳеч нарса бежиз юз бемайди. Тақдирингизга битилганини яшаб ўтишдан бошқа чорангиз йўқ. Яшаганда ҳам муносиб яшаш керак токи ҳар бир нуқтадан хулоса чиқариб. Менинг ижодим ва шахсий ҳаётимдаги сўнгги воқеалар, театрдан кетишим, анча вақт кўринмай қолишим ҳам санъаткор, ҳам раҳбар, ҳам инсон сифатида кўп нарсаларни тушуниб етишимга туртки бўлди. Одамларни, дўстларни, ҳамкасбларимни саралашни ўргандим

— Демак, одам 60 дан ошганида ҳам ўзини тарбиялаши мумкин экан-да?

— Ҳаётнинг ўзи бир умрлик тарбия-ку? (ўйланиб)  Юрак уриб турар экан, неча ёшда бўлишингиздан қатъи назар йиллар ўтган сайин ҳаётнинг ҳар бир зарбасидан хулоса чиқариб, босган қадамларингизни таҳлил қилиб боравераркансиз.

— Актёр сифатида нимани англадингиз?

— Актёр мудом ҳаракатда бўлиши, ўз устида ишлаши ва бунинг натижасини доим халққа етказиб туриши керак экан. Актёрни халқ нима учун яхши кўради? Албатта кинодаги ё театрдаги яхши роли учун. Борди-ю у халқнинг талабини бажара олмаса-чи? Ўша актёрни унутишдан осони йўқ... Актёр томошабин қаршисида яратган қиёфасининг гўзаллигини борича сақлаб қолиши керак. Бу унга бўлган ишонч билан чамбарчас боғлиқ.

— Сиз бу қиёфани қанчалик сақлаб қололдингиз?

— Билмадим… Балки сақлаб қололмагандирман. Мен ўз вақтида яқинларим, таниш-билишларнинг фикрларига, атрофдаги гап-сўзларга қўл силтаганимга афсус қиламан.

— Аслида Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театрига раҳбар этиб тайинланганингиз кўпчиликни ҳайратга солганди. Балки Мурод Ражабов у ердамас, бошқа ерда ишлаши керакмиди?

— Мен актёр сифатида театрда шаклланганман. 20 йил театрда ишламадим. "Муқимий”га раҳбар бўлиш таклифи берилганда иккилланмадим. Чунки, театр асли қандай даргоҳ, бугун "Муқимий”га нима етишмаяпти, у ердаги тартиб қандай бўлиши кераклигини яхши билардим. Шунинг учун ҳам у ерда ишлаш мен учун қийин бўлмади.

— Жамоа билан тил топишиш-чи?

— Табиатан одамлар билан тез тил топишаман. Афсус ҳамма вақт бундай бўлавермас экан. Тушунмайдиган одамга қанча гап уқтирманг, барибир ўз билганидан қолмайди. Театрда қаттиққўл раҳбар бўлишга, тартиб ўрнатишга ҳаракат қилдим. Уддасидан чиқдимми, йўқми билмадим-у, лекин мени қўллаб-қувватлаганлар ҳам бўлди. Беш бармоғимиз баравар бўлмагани каби жамоадаги ҳамма сиз қўяётган талабни тўғри тушунавермайди. Дангаса, ишдан қочадиган одам ҳамма даврда, ҳамма жойда топилади. Қолганлар эса уларнинг касрига қолади.

— Ўзбек миллий академик драма театри ва Ўзбек давлат драма театридаги 1980 йилларда рўй берган воқеалар бугунги театрларга кўчгандай. Айрим актёрларимиз ижод қилиш ўрнига талабни четлаб ўтиб ёз-ёзга ўч бўлиб кетишган. Бошингиздан ўтди. Туҳматлар ҳам бўлди. Бу ҳолатни қандай қабул қилдингиз? "Муқимий”га озми, кўпми умрингиз, меҳнатингиз кетди. Ачинмайсизми?

— Нега ачинарканман (ўйланиб)? Бургага аччиқ қилиб кўрпа куйдирмайсиз-ку!  Биз театр жамоаси билан жуда катта ишларни амалга оширдик. Ҳар бир одамда бир яхшилик, бир ёмонлик яшайди. Оқ вараққа кимдир гулларни, кимдир қуёшни чизиши мумкин. Яна кимдир уни қора рангга бўяб зулматни тасвирлайди. Театрдаги аксарият актёрларнинг гапларига, мен ҳақимдаги ёзган аризаларига қўл силтаб кетдим. Уларга инсофдан, одамгарчиликдан маъруза ўқигандан нима фойда? Ҳаммасини вақтнинг изнига ташладим. Одамларнинг назарида  мен театрдан актёрлар, жамоамнинг шикояти сабаб кетган бўлиб кўринишим мумкин, бироқ бунинг асл сабаблари умуман бошқа. Буни халқ билиши шарт эмас, менимча. Жамоамнинг шикоятларига келсак, уни ўқиб тўғриси жаҳлим ҳам чиқмади. Шунчалик куракда турмайдиган гапларни қандай ёзиш мумкин, деб кулдим, холос.

— Лоқал актёр бўлиб қолавермадингиз. Нега?

— Қайтгим келмади. Устига-устак, у ерда актёр бўлиб ишлаш учун қўшиқ айта олиш керак. Шу сабаб ортга қайтмадим. (ўйланиб) Аслида театрда актёрлик мактабини кучайтириш, устоз-шогирд анъаналарини тиклаш, ўзбек театр мактаби асли нималигию ва у қандай бўлиши кераклигини ёшларга ўргатиш мақсадида боргандим. Боиси бугун театрларда маҳоратли актёрлар жуда камайиб кетган. Рол ўйнаш эса кўчада писта чақиш билан баробар бўлиб қолган. Минг афсуски, баъзи актёрларимиз рол билан образнинг фарқига бормайди. Сизнингча уларни актёр дейиш мумкинми?!

— Мурод Ражабовни театрда бундан 30 йил аввал "Отасининг қизи”даги роли орқали танишганди. "Муқимий”да уни қайтадан саҳналаштирганингизни ҳатто Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметовани ҳам таклиф қилганингизни эшитгандим. Нега охирига етказмадингиз?

— Очиғини айтсам, мени театрдан тезроқ кетишимни истаб қолганлар бўлди. Шуларнинг жиғига тегиб, шу ёшга етганимда сен-менга бориб юрмаслик учун ўзим ҳам «кетаман»га тушиб қолдим. Спектаклнинг бир-икки камчилигини айтмаса, томошабинга тақдим этиш учун аллақачон тайёр қилиб қўйгандим. Кетиш олдидан "ҳеч кимдан ҳафамасман, фақат спектаклни охирига етказиб қўйинглар, меҳнатим увол бўлмасин” дедим. (бироз сукутдан сўнг) Спектакл барибир саҳнага чиқмади...

— Нозим Тўлахўжаев ёши кексайганда "Ўтов” билан томошабиннинг хотирасида қолди. Эркин Комилов "Сув ёқалаб”, Ёдгор Саъдиев эса "Иблис девори” фильми билан... Сизда бундай рол ҳалигача бўлгани йўқ. Билишимча "Сув ёқалаб”га Эркин акадан аввал сизни таклиф қилишган экан.

— "Сув ёқалаб” яхши фильм бўлиши мумкин, лекин мен унда актёр сифатида ўйнайдиган нарсани тополмадим. Балки бадиий асар сифатида яхши бўлмагандир, бироқ сценарий сифатида жуда бўш эди. Бизни томошабин йиғлашни, кулишни, қаҳрамоннинг тақдири билан яшашни яхши кўради. Бу фильмга ана шу нарсалар етишмагандек. Ҳар қандай асар бошидан бошланиши керак. Мен учун бу асар жуда мавҳум, аниқ мақсади йўқдай туюлганди. Балки Эркиннинг ижросидаги раисбуванинг тақдири бошқача якун топиши, ишдан кетганидан сўнг атрофдагиларнинг муносабати орқали бутун ҳаётини кўз ўнгидан ўтказиши керакмиди? Ҳар ҳолда бу ролни ўйнамаганимга ачинмайман.

— Демак кинода ҳали бундай жиддий рол яратмаганингизни тан оласиз.

— Тан олишага-ку тан оламан, ахир  бундай ролнинг ўзи  йўқ-ку.

— Яқинда киножурналист Шоира Рауфбоева билан гаплашиб қолганимда, у шундай деганди. "Мурод Ражабовни саёз ролларни ижро этадиган бачкана актёр дейдиганлар ҳато қилади. Мурод Ражабов катта актёр, фақат унга мос катта роллар йўқ”.

— Албатта бундай гапларни эшитиш ҳар қандай ижодкор учун ёқимли. Кинода кўп драматик роллар яратдим. Тақдир тақазоси билан бу фильмлар бугун телеканалларда  намойиш этилмайди. Шунинг учун ҳам кўпчиликнинг кўз ўнгида бугунги хусусий фильмларнинг бачкана актёри сифатида гавдаланиб қолгандирман?

— Санъат моддийлик билан боғлиқлигини рад этиб бўлмайди. Сиз ҳам ролни эмас, маблағни биринчи ўринга қўярсиз балки?

— Бу нисбий тушунча. Лекин ҳақиқатга жуда яқин. Ўйнаётган баъзи фильмларимнинг бир тийинга қимматлигини жуда яхши билсам-да, маблағига кўз юмолмайман. Мен тўйга чиқиб қўшиқ куйламасам ё бошловчилик қилмасам, касбим орқали рўзғоримни тебратганимдан кейин албатта пулига  қизиқаман-да. Баъзан шундай юки оғир, маъсулиятли роллар бўладики, режиссёрлар мени таклиф қилишмайди. Нега менга айтмадинг, десам, сиз қиммат сўрайсиз-ку, дейишади. Аввал ёнимга кел, сценарийни кўрсат, агар маъқул келса, текинга ҳам ўйнайман, дейман. Тўғриси ҳам шу-да!  Сценарийси тасвирга олиш майдончасида қўлимга тегадиган, актёри ҳар гал алмашадиган фильмларга атайин катта нарх қўяман. Зора фикри ўзгариб кетса дейман. Йўқ, рози бўлиб, сўрагимни беради. Қочиб қаерга бораман? Ўзимга қолса шундай ролларни ўйнармидим? Манаман деган жаҳон юлдузлари ҳам фалон пулга фильмда суратга тушгани етмагандек маҳсулотлар рекламасига ҳам рози бўлишида. Табиийки, рекламадан битта эмас, бир қанча фильмдан кўра кўпроқ гонорар ишланади. Бизда эса буни томошабин тушунавермайди.

— Мўмай даромад эвазига ўйнаган фильмларингиз яхши чиқса, хўп-хўп, аммо акси бўлса-чи? Отиладиган тош биринчи сизга келиб тегади. Берилаёттган маблағ кинодаги барча камчиликларни гардинингизга олишингизга арзийдими?

— Арзийди.

— Давлат буюртмаси асосида суратга олинадиган фильмларда кўринмайсиз.

— "Ўзбеккино”дагилар мени унча хушлашмаса керак. Шунинг учун фильмларига таклиф қилишмайди. Балки мени хусусий студиялардан рашк қилишар, яна ким билади дейсиз. (ўйланиб) Хусусий фильмлар ҳақида гап кетганда бир нарсани айтиб ўтишни истардим. Кино ҳақида гап очилди дегунча танқиднинг охири бориб хусусий киноларга тақаляпти. Кинони тушунадиган одам ҳам, тушунмайдиганининг ҳам топиб олган гапи битта: "Хусусий студиялар томошабиннинг дидини бузяпти.” Кечирасиз-у томошабиннинг дидини кино бузиши мумкинми? Унда танлаш имконияти бор-ку? Битта бачкана кинони деб хусусий студиялардан чиқаётган ҳамма фильмни қурбон қилиш тўғримикан? Кўча-куйда Голливуд ё Болливуддаги каби фильмлар йўқ деган гапларни эшитиб қоламан. Голливуд пайдо бўлганига 120 йилдан ошди ахир. Боливудга эса 70-80 йил бўлди. Бизда эса кино охирги 10-15 йилда ривожланди, холос. Биз уларнинг даражасига етишишимиз учун йиллар керак. Бу жараёнда томошабиннинг ўзи сарасини ажратиб олаверади.

Хусусий фильмларни талабга жавоб бермаяпти деб четга чиқариб қўйганимиз билан давлат буюртмаси асосида суратга олинган ҳамма фильмларни томошабин бирдек қизиқиш билан кўрмаяпти-ку, ахир. "Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмаси билан суратга олинган яхши фильмларни томошабинга етиб борадиган даражада реклама қилиб бера олишмаяпти. Нима эмиш, давлат фильмлари учун реклама керак эмас экан, асосий эътиборни маънавиятга қаратишаркан. Мени маъзур тутасиз, лекин ҳеч ким кўрмайдиган маънавиятнинг кимга кераги бор? Давлат томонидан жуда зўр фильмлар яратилаётгани рост гап, бироқ томошабин бундан хабар топмаяпти. Кўрганда ҳам аудиторияси тор. Бунга очиқ кўз билан қараш фурсати етди менимча.

— Менинг ролим, менинг фильмим дейишга уяладиган киноларингиз ҳам борми?

— Бор албатта. у. Уларнинг номини айтолмайман. Ўша фильмларда фақат маблағ эвазига ўйнаганман холос. Буни турмуш ўртоғим ҳам, фарзандларим ҳам тўғри тушунишади.

— Қайси ролингизни соғиндингиз?

— Бирор ролимни эмас, аксинча яхши режиссёрлар билан ишлашни соғиндим.

— Сизнингча Мурод Ражабов кино тарихида қайси роли билан қолади?

— Бир пайтлар Наби Раҳимов "Мурод фалон фильмингни кўрдим, яхши ўйнабсан лекин кинода ҳеч нарсага тушунмадим” деганди. Мен бир фильмга қўл уриб, бирор ролга киришдимми ўша ролни сидқидилдан, томошабин кўрсин деб ўйнайман. Кинода қайси ролим билан қолишимни эса вақт кўрсатади.

Қамариддин Шайхов сухбатлашди



Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо войти на сайт под своим именем.






Другие новости по теме:
Мурод Ражабовни театрдан кетишга ким мажбур қилди?
Добавление комментария
Ваше Имя:
Ваш E-Mail:
Вопрос:
ikki+ 2 = ?
Ответ:*


Скачать музыку бесплатно без регистрации

Здесь вы можете скачать музыку абсолютно бесплатно и без регистрации в зоне Tas IX, а если зарегистрируетесь - получите возможность добавлять любимые песни в плейлист, комментировать и оценивать музыку. Вся музыка на сайте разбита на категории, что делает скачивание mp3 более удобным и приятным.
Наши новинки обновляются каждый день и поэтому у нас всегда только свежая и актуальная музыка, которую также можно слушать онлайн!