A B C D E F G G' H I J K L M N O P Q R S Sh T U V W X Y Z 0-9
Зарина НИЗОМИДДИНОВА: «Бир марта бериладиган ҳаётда ўзим хоҳлагандек яшагим келади»
Опубликовал: DODA
6-08-2015, 02:03
Просмотров: 9940
Комментарии: 0
 Зарина НИЗОМИДДИНОВА: «Бир марта бериладиган 1203;аётда ўзим хо1203;лагандек яшагим келади»

Бу актрисанинг ижросида сунъийликни сезмайсиз, кўзи "гапиради”, "юраг”и уриб туради. Меҳмонимиз актриса Зарина Низомиддинова билан галдаги суҳбатимиздан сўнг иродаси кучли аёл эканига амин бўлдим. Интервьюни ўқиб, балки сиз ҳам актрисанинг яна бир қанча қирраларини кашф этарсиз...

— Зарина, сизга қўнғироқ қилганимда суратга олиш майдончасида эканингизни айтдингиз...  

— Комедия жанридаги фильмида бандман. Фильмдаги партнёрим, ҳаётдаги дўстим Улуғбек Авзаловнинг ижодий иши бўлгани учун ҳам қўллаб-қувватлаш мақсадида таклифини рад этмадим. Бундан аввал эса Озод Шамс режиссёрлигидаги "Етти олам” фильмида суратга тушгандим.        

— Демак, дўстингиз бўлмаганида бу фильмда истеъдодингизни увол қилмасдингиз-а?

— Тўғри, таклифни рад этардим.

— Куни кеча "Етар” номли қўшиғингизнинг тақдимотини ўтказдингиз. Наҳотки, актрисаликда эришган муваффақиятингиз хонандаликда ҳам такрорланади, деб ўйласангиз?   

— Худога шукр, актрисаликда омадим келди. Хонандаликда ҳам шундай муваффақиятга эришсам, албатта, хурсанд бўлардим. Лекин қўшиқ куйлаш мен учун хобби.

— "Сўнгги пушаймон ўзингга душман”, деган нақл бор. Вақт ўтиб, кетган йилларингизга ачинмасмикансиз?

— Асло! Жисмоний чарчашни ҳисобга олмаса, ижоддан завқ ва дам оламан. Чунки хонандалик борасида пойдеворга эгаман. Мусиқа йўналишида ўқимаган, чумчуқникидек овоз билан "хонандаман” деб юрганлар ҳам йўқ эмас. Нега улар фильмда кўриниб қолса, ҳеч ким эътироз билдирмайди? Негадир актрисалар қўшиқ куйласа, дарров ҳамманинг эътиборини тортади. Агар бошқа соҳада ижод қиганимда тўғри, кетган йилларимга ачинган бўлардим. Бир марта бериладиган ҳаётда ўзим хоҳлагандек яшагим келади.  

— Назаримда, ҳаётингиздаги дардларни тезда унутишга одатланганга ўхшайсиз. Бир эмас икки бор шахсий ҳаётингизда панд едингиз. Сўнг отани йўқотиш...

— Шахсий ҳаётим борасида сира сиқилмаганман. Чунки ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди. Шунинг учун менга отилган туҳмат тошларига беэътибор бўлдим. Бироқ отамни кўз ўнгимда йўқотиш бу — ҳақиқий фожиа эди. Ёши катта онахонлар "кўзёш, тушкунликка тушишдан фойда йўқ. Ўзингизга руҳан зарар қиласиз, холос. Ундан кўра отангиз ҳаққига Қуръон тиловат қилинг”, деб маслаҳат беришди. Араб тилидан хабардор  бўлганим боис ҳар куни отамнинг руҳига бағишлаб тиловат қиламан. Қолаверса, онамга суянч бўлиш учун ҳам ўзимни қўлга олишим шарт эди. Бироз чалғисин, деб онамни фильм суратга олиш вақтида ўзим билан олиб юрибман.         

— Отангиз билан вафотидан бир ҳафта олдин телефонда гаплашгандим. Тетиккина эди, самимий суҳбатлашгандик. Ё бетобмиди?

  • Йўқ, бетобмасди. Ўша куни дўстлари билан байрамга бориб келди. Қайтгач, футбол кўрди, сўнг ҳаммамиз ухлашга ётдик. Ярим тунда қандайдир қўнғироққа ўхшаган овоз онамни қайта-қайта уйғотган. Отамдан хабар олганда, хирралаётганини эшитиб қолган. Онам дархол мени чақирди, нима бўлаётганига тушунмай қолдим... Отам олтмиш тўққиз ёшида бош мия инсульти сабаб кўз ўнгимда жон берди. Онам отамни худди ёш боладек меҳр билан парвариш қиларди. Шу сабаб жуда ёш кўринарди.

Бу йўқотишдан кейин ҳар бир кунимизга шукр қилиб, бугунги кун учун яшаш керак экан, деган хулосага келдим. Ортга назар ташлаб, "ўша дамлар зўр эди-да”, деймиз. Лекин бугунги кунимиз ҳам тарихга такрорланмас онлар бўлиб муҳрланиши ҳақида ўйламаймиз.

— Дейл Карнегининг "бугунги куннинг "оралиқ, бўш жойи”да яшанг” деган тавсиясига амал қиларкансиз-да. Зарина, отангизнинг сўнгги гапи нима бўлди?    

— "Спорт билан шуғулланаётганинг яхши бўлди-да, кўринишинг яхши,  кўз тегмасин”, деганди. Вафотидан бир ҳафта олдин эса онамга "фарзандларимдан мингдан минг розиман. Мустақил, ўзини таъминлай оладиган бўлишди. Бекор яшамабман”, деган экан. Сира ёдимдан чиқмайди, акам яқиндагина Англияда магистр даражасига эришганидан отам жуда хурсанд бўлганди.

— "Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланган кунингиз ёдингиздами? Ўша куни Шаҳбоз Низомутдинов билан интервью қилгандик. Залда ўтирган одамлардан сиз ҳақингизда ножўя фикр эшитганини айтиб, кўзига ёш қалқиганди. Айтмоқчиманки, йўқотишдан сўнг шу каби гап-сўзлар туфайли қандайдир афсуслар ва айбдорлик ҳисси сизни қийнамадими?

— Аслида отам гап-сўзларга беэътибор эди. Очиғи, "халқнинг қизисан, энди ўзингни бутунлай санъатга бағишла”, дерди. Қайта турмушга чиқишимни истамасди. Оиламизда арзимаган гапга ҳам қайғурадиган бу — онам. Иккинчи бор турмуш қураётганимда ҳам тиз чўкиб, "қизим, бу инсон сенинг тенгинг эмас”, деганди. Буни англаганимда эса отам "хато қилмасликдан ҳеч ким кафолатланмаган, сиқилма”, дегани ёдимда. Айтмоқчиманки, афсус ва айбдорлик ҳиссига ҳожат йўқ.

— Ўз ташвишларимиз билан овора бўлиб, бугун ёнимизда турган яқин инсонимизни эртага йўқ бўлиб қолиши ҳақида ўйламаймиз ҳам. "Ҳали ҳаммасига улгураман”, дея уларнинг дийдори ғаниматлиги айни ҳақиқат эканига кўз юмамиз...

— Акам, опам ўз оиласи билан овора. Отамга энг кўп вақтини менга ажратарди.  (самимий жилмаяди). Ҳайратланганим бу — доим қишда ва ёзда ота-онамизни кўргани хориждан келадиган акам негадир 16 апрелда оиласи билан келди. 17 апрелда ресторанда отамнинг туғилган кунини нишонлаб берди. Отам шу куни "собиқ "Ялла” гуруҳи билан Голландияга кетяпмиз”, деб ўзида йўқ хурсанд эди. Лекин...     

— Ярангизни янгилаганим учун узр! Дард-у қувончингизни ролларингиз орқали чиқарасизми ё оила аъзоларингиз билан дардлашасизми?

— Она юраги сезувчан бўларкан, юзимга қараб нимадандир қийналаётганимни билиб қолади. Сўнг дардимни айтишга мажбур бўламан ва маслаҳат оламан. Дардли ролларимга руҳан ўзимни тайёрлаб ижро этаман. Бирорта ролимга дардимни сингдирмаганман.        

— Анча вақт кино оламида кўринмай қолдингиз. Бу ролларни танлаш даражасига етганингиз билан боғлиқми ё режиссёрлардан таклиф йўқмиди?

— Кўнглимдагидек таклиф бўлмади. Ролларни эса кино оламига кириб келганимдан буён танлаб тушаман. "Йўл бўлсин” фильмидан сўнг бир салбий қаҳрамон ролига таклиф бўлганида онам суратга тушишимга рухсат бермаган. Балки ўшанда онам бефарқ бўлганида ўн олти ёшлик дунёқарашим ва қизиқишнинг устунлиги билан роль танлаш нималигини билмаган бўлардим. Тўғри, иштирокимдаги саёз фильмлар ҳам бор. Лекин у менинг айбим эмас, чунки менга берилган сценарий билан экрандаги фильм бир-бирини инкор қилади. Натижада "хонтахта” фильмлар сони биттага кўпайиб қолган. Лекин иштирокимдаги савияли кинокартиналар савиясизига қараганда кўп.    

— Ролингизда яшашингиз учун режиссёр, сценарий ва партнёрнинг профессионал ё акси эканини аҳамияти борми?

— Профессионал бўлмаса ҳам Аллоҳ юқтирган истеъдодлар борлигини инкор қилолмаймиз. Шу сабаб дунёқараши, билим савияси юқорилигини билсам, дебютант ижодкор бўлишига қарамай, кўксидан итармайман. Ҳаммага имкон бериш керак, ўз вақтида менга ҳам ишонишган-ку.

— Нега давлат фильмларида камнамосиз?

— Актрисалар орасида энг кўп ишлагани ўзим. Очиғи, "Йўл бўлсин”, "Паризод” фильмлари даражасидаги таклифлар бўлмади. Бошқа ҳамкасбларим сингари беш сония экранда кўринган бўлса ҳам "фалон фильмларим бор”, дейдиганлардан эмасман. Шу сабаб давлат фильмлари борасида қолган ролларимни санаб ўтмадим.   

— Бугун фильмларда янги чеҳралар бош қаҳрамонлар ролини ўйнаяпти. Сизнинг даврингиз ўтаётганини ҳис қиласизми ё ҳали анча йиллар бош ролларга даъвогарлик қила оласизми?   

— Режиссёрлар мени "вой бу иккинчи пландаги қаҳрамон-ку”, деб роль талашмаганим ва "партнёримга бошқа актёр танласангиз бўлмасмиди?” деб эътироз билдирмаганим учун яхши кўришади. Баъзи ҳамкасбларимга ўхшаб, "мени ролга тасдиқлайсизми?” дея режиссёрга тинимсиз қўнғироқ қилишга ғурурим йўл қўймайди. Керак бўлсам, ўзи чақиради. Режиссёрдан жавоб бўлмадими, демак у ролда мени кўролмаган.          

— Наҳотки, сизда номозшомгулга ўхшаган фильмлардан кўра театр саҳнасида ижод қилиш истаги устунлик қилмаса?

— Бу ҳақда ўйлагандим. Лекин раҳматли отам ҳам, режиссёр Аюб Шаҳобиддинов ҳам "театр актрисасининг ижро қолипига тушиб қоласан, керак эмас”, дейишди. Режиссёр Баҳром Ёқубов эса "сени бир марта театр саҳнасида кўрсам, қайтиб фильмларимга чақирмайман”, деди. Ҳақиқатда феълимда суҳбатдошимнинг хислатини "юқтириб” оладиган одатим бор. Шунинг учун онам "яхши одамлар билан дўстлашгин”, деяверади (кулади). Шу маънода театр мени қолипга солиб қўйиши ҳақиқат.        

— Демак, Зарина Низомиддиновани театр саҳнасида умуман кўрмаймиз-а?

— Йўқ!

— Инстаграмда жойлайдиган расмларингизга қараганда ўғлингиз Темурхонга кам вақт ажратадиганга ўхшайсиз?

— (Кулади) аксинча, ўғлимнинг менга вақти йўқ. Эрталабдан кечки соат тўртгача махсус мактабда бўлади. Қайтгач, кунора соат саккизгача шахмат ва инглиз тилидан "репетитор”га боради. Уйқуга ётгунича бир соат суҳбатлашамиз, холос. Жуда шўх бўлгани учун кун тартибида бўш вақт қолдирмаганмиз. Яқинда қизиқишидан келиб чиқиб, футболга ҳам бермоқчиман.    

— Ўғлингизнинг мактабдаги тадбирларига мунтазам равишда борасизми?

— Албатта! Ҳар икки ҳафтада ўқитувчиси ота-оналар билан битта-битта мажлис ўтказади. Қолаверса, ҳамма байрамларида ёнида бўламан.     

— Фарзанд тарбиясидаги фикрларингиз онангизники билан бир нуқтада бирлашадими?

— Онам бизни қаттиққўллик билан тарбия қилган. Лекин мен набирасига онамнинг усулини қўлласам "уришма, ҳали бола”, деб ёнини олади. Бироқ Темурхон мени жуда ҳурмат қилади, бу талабчанлигим билан боғлиқ.  

— Ўғлингиз катта бўлаяпти, эртага сизни нималардадир айбдор санамаслиги учун унинг олдида масъулият ҳиссини сезасизми?

— Шу кунгача нотўғри қадам босмадим. Бундан буён ҳам тўғри яшаб, хато қилмаслигим керак.    

— Виждонан жавоб беринг, аввало намунали фарзандмисиз ё она ва ёки санъаткор?

— Уччовини ҳам тарозининг палласига тенг қўйган бўлардим. Намунали фарзандман, чунки ота-онам мендан рози. Намунали онаман — фарзандимни отаси йўқлигини билдирмай катта қиляпман. Эрта турмушга чиққанимга ҳам хурсандман, чунки ўғлим бор. Намунали санъаткорман, боиси мени яхши кўрадиган сон-саноқсиз мухлисларим бор. Сўқоқда "Етти олам” фильмини суратга олаётганимизда француз тилидан дарс берган бир отахон "сизга ҳавас қилиб, набирамни исмини Зарина, деб қўйганман”, деган. Бу каби ҳолатлар кўп учрайди. Ҳеч бир мухлисимни хафа қилмай, ҳаммалари билан расмга тушаман, дастхат бераман. "Ҳозир вақтим йўқ”, дейдиган ҳамкасбларимни кўрсам, "сени машҳур қиладиган шу одамлар-ку”, деб жаҳлим чиқади. Ахир актёрликнинг "умр”и қисқа. Худди Голливуд, Болливуд актёрларидек "элликка кирганимда ҳам талабгор актёр бўламан”, деб хом хаёл қилишса керак-да.        

— Кўнгилдагидек рафиқа ҳам бўлганман, деган жавобни кутгандим...

— (Кулади) Тўғри, Темурхоннинг отасига кўнгилдагидек рафиқа бўлганман. Чунки карьерамни ташлаб, оилам учун у билан хорижга кетгандим. Лекин...  тақдир экан...

— Онангизнинг ўрнида бўлганингизда Зарина Низомиддиновага нималар деган бўлардингиз?

— "Шошқалоқликни ташла, хатоларинг сабаби шу одатингдан-ку, жаҳлингни ҳам жиловла, асаб толалари қайта тикланмайди”, деб насиҳат қилган бўлардим (кулади).

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди



Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо войти на сайт под своим именем.






Другие новости по теме:
Зарина НИЗОМИДДИНОВА: «Бир марта бериладиган ҳаётда ўзим хоҳлагандек яшагим келади»
Добавление комментария
Ваше Имя:
Ваш E-Mail:
Вопрос:
ikki+ 2 = ?
Ответ:*


Скачать музыку бесплатно без регистрации

Здесь вы можете скачать музыку абсолютно бесплатно и без регистрации в зоне Tas IX, а если зарегистрируетесь - получите возможность добавлять любимые песни в плейлист, комментировать и оценивать музыку. Вся музыка на сайте разбита на категории, что делает скачивание mp3 более удобным и приятным.
Наши новинки обновляются каждый день и поэтому у нас всегда только свежая и актуальная музыка, которую также можно слушать онлайн!